Мирзиёев Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди

Дата: 12:33, 07-10-2019.

Тошкент. 7 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5843-сонли фармони қабул қилинди.

"Давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқарувининг айрим органлари, ташкилотлари ва ҳудудларида пилот режимида, 2021 йил 1 январдан эса барча давлат органлари ва ташкилотларида амалга оширилади", – дейилади хабарда.

Қайд этилганидек, энди ушбу хизматга қабул қилиш ва энг муносиб ва қобилиятли шахсларни уларнинг касбий фазилатлари ва алоҳида хизматларини адолатли ва холис баҳолаш асосида рағбатлантириш меритокрация принципига асосланган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, фармонда президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бир вақтнинг ўзида агентлик директори ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу агентлик ҳузурида Давлат хизматини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Сурат манбаи: bloknot.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: