Мирзиёев Ўзбекистонда олий таълимни такомиллаштириш бўйича комплекс чораларни тасдиқлади

Дата: 16:38, 21-04-2017.

Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда олий таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чораларни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.

Жумладан, яқин беш йилда олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлашни ўз ичига олган Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

“Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади”, - деб таъкидланади хужжатда. 

 Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 трлн сўмдан зиёд бўлиб, улардан 1,2 трлн сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар турар-жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 500 млрд сўмдан ортиқ маблағ эса ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: