Мирзиёев Ўзбекистоннинг биринчи президенти “Шарқ тароналари” фестивалини севгани ва қадрлаганини таъкидлаб ўтди

Дата: 14:39, 29-08-2017.

Тошкент. 29 август. ЎзТАГ – Ислом Абдуганиевич “Шарқ тароналари” фестивалини севар ва қадрлар эди, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган тантанали маросимидаги табрик сўзида, деб хабар беради ЎзТАГ.

“Бугунги қувончли айёмда мана шу халқаро анжуманга асос солган, унинг жаҳон миқёсида муносиб обрў-эътибор қозониши учун улкан ҳисса қўшган инсонларни, уларнинг унутилмас хизматларини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз. Бу ҳақда гапирганда, аввало, атоқли сиёсат ва давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг азиз хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёдга оламиз. Ислом Абдуғаниевич ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрини, унинг юраги бўлган қадимий Регистон майдонини қанчалик буюк муҳаббат билан севса, “Шарқ тароналари” фестивалини ҳам шунчалик севар, қадрлар эдилар”, - дея таъкидлади Мирзиёев.

Президент “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали ўзининг бетакрор руҳи ва қиёфаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш, маданий мулоқотни ривожлантириш борасидаги эзгу мақсад-муддаолари билан қисқа муддатда юксак даражага эришди”, - деб таъкидлади.

“Бу борада сиз, азизлар каби фидойи ташкилотчи ва иштирокчиларнинг муносиб ҳиссангиз борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз”, - деб қўшимча қилди у. 

Эслатиб ўтамизки, 28 августда Самарқандда XI “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: