Мирзиёев Ўзбекистоннинг қолоқ туманларини ривожлантиришни тезлаштиришни топширди

Дата: 11:33, 27-02-2019.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 26 февралда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг қолоқ туманларини ривожлантиришни тезлаштиришни топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир доирасида бугун Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Давлат раҳбари аксарият лойиҳалар инфратузилма қулай бўлган туманларга жойлаштирилиб, бошқа ҳудудлар эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. 

“Юртимизда ўттиз иккита туманда саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 3%га ҳам етмаслиги танқид қилинди. Ушбу туманларнинг географик жойлашуви, хомашё базаси, меҳнат ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология қўмитасига ҳар бир туман кесимида қазилма бойликлари захирасидан келиб чиқиб, уларни саноатлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини шакллантириш вазифаси қўйилди. 

266 минг гектар ернинг унумдорлиги пасайиб, фойдаланишдан чиқиб кетгани қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига бу жойларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Шунингдек, қўшни давлатлар билан чегарадош туманларнинг логистика, экспорт ва сервис салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. 

Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати нисбатан орқада бўлган туманларда кооперация асосида кичик саноат зоналари ташкил этиб, уларда тўқимачилик, кўнчилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича лойиҳаларни жойлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур туманларда ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилган дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. 

Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, 32 туманда ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш топширилди. 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: