Мирзиёев Жанубий Корея парламенти спикери билан музокаралар ўтказди

Дата: 15:43, 27-09-2017.

Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – 26 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатлар парламентлари Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, анъанавий яқин ва кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

“Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги алоқалар ҳам ўзаро, ҳам халқаро ташкилотлар доирасида фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари қиймати $7 млрддан зиёдни ташкил этмоқда”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Учрашувда мамлакатларимиз парламентлари ва уларнинг алоҳида қўмиталари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, парламентларда фаолият юритаётган дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда ўзаро ташриф ва қўшма тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, халқаро парламентлараро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чон Сэ Гюн давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Юқори мартабали меҳмон Жанубий Корея раҳбарияти Ўзбекистон президентининг тез орада ушбу мамлакатга ташриф билан боришини кутаётганини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: