Мирзиёев жиноятчиликни қандай енгиш мумкинлигини айтди

Дата: 11:48, 02-04-2018.

Тошкент. 2 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жиноятчиликни қандай енгиш мумкинлигини айтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари инсонларнинг тинчлигини кафолатлаши ва жиноятчиликнинг олдини олиши керак. Бунинг учун улар одамлар орасида ишлаши, ҳар қандай воқеадан хабардор бўлиши зарур. Агар ички ишлар органлари маҳаллалар билан яқиндан алоқада бўлса, жиноятчилик бўлмайди”, - деб иқтибос келтиради Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати Мирзиёевнинг Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмасига ташрифида айтган сўзларидан.

Бўлинма икки қаватли бинода жойлашган бўлиб, бу ерда “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини, маҳалла посбони, профилактика инспектори хоналари ўрин олган. “Барча участка инспекторлари хизмат уйлари ва енгил автомобиллар билан таъминланган. Кўрсатилаётган эътибор ходимларнинг дунёқарашини ўзгартирмоқда ва уларнинг хизматига садоқатини мустаҳкамламоқда”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун қўлланаётган инновацион тизимлар, ходимлар ўртасидаги алоқа бўйича оператив мобиль дастур иши билан танишди.

“Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл-транспорт тизимини тартибга солиш, бу борада Жиззахда ҳам Тошкент шаҳри тажрибасини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Профилактика инспекторларини ахборот технологияларига ўқитиш, бу бўйича илмий-амалий қўлланма яратиш зарурлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда.

Давлатимиз раҳбари мазкур бўлинмада “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспектори билан суҳбатлашди. Жамоат жойларига, биринчи навбатда, болалар боғчалари ва мактабларга кузатув камералари ўрнатиш бўйича топшириқ берди.

Эслатиб ўтамизки, 30 мартда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида бўлди.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/politics/20180329/7845618/shavkat-mirziyoev-posetit-dzhizak.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: