Мирзиёев Жиззах вилоятида йирик лойиҳаларни кўздан кечирди

Дата: 10:16, 31-01-2019.

Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Куни кеча, 30 январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеев Жиззах вилояти Фориш туманига ташриф буюриб, атом электр станциясини қуриш учун муҳандислик тадқиқотлари олиб борилаётган майдонлардан бирини кўздан кечирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Атом энергияси экологик тоза бўлиб, бундай станциялар ис гази ҳосил қилмайди. Атом электр станциясининг ишга туширилиши натижасида катта миқдорда табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага карбонад ангидрид чиқарилиши йилига 14 млн тоннагача, азот оксидлари чиқарилиши 36 минг тоннага камаяди”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.  

Ш. Мирзиёев тадқиқот ишларининг бориши билан қизиқди, “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” корпорацияси раҳбарлари билан суҳбатлашди.

“Бу улкан лойиҳа Россия билан стратегик шериклигимизнинг янги йўналиши. Мамлакатимиз саноати ривожланяпти, аҳоли сони ўсяпти. Ҳали олдинда яна катта режаларимиз бор. Булар учун барқарор энергия таъминоти керак. Атом электр станцияси энергия манбалари чекланган шароитда ана шундай имконият яратади, иқтисодиётни ривожлантиришга, одамларни иш билан таъминлашга хизмат қилади”, - деди давлат раҳбари. 

Атом электр станциясини аниқ ҳисоб-китоб ва пухта тайёргарлик билан қуриш, хориждаги станциялар қурилишидаги тажрибани ўрганиш зарурлиги таъкидланди. 

“Бизнинг атом станциямиз бошқалардан ҳам яхши, сифатли ва хавфсиз бўлиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Ушбу соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ҳозирда 30 нафар ўзбекистонлик талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетида таълим олмоқда. Мазкур билим юртининг Тошкентда ташкил этилаётган филиали келгуси ўқув йилидан илк талабаларни қабул қилади. Бу ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб етишади ва атом электр станциясининг хавфсиз ишлашини таъминлайди.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг минерал хомашё базасини кенгайтириш, Фориш туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туризм салоҳияти ва лалми ерлардан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

“Ўзи Фориш имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларини тўғри ишга солса, аҳоли фаровонлиги, маҳаллий бюджетни ошириш мумкин”, - деб қайд этди президент.

Аввалги ташриф чоғидаги топшириққа асосан, сувни тежайдиган технологияларни қўллаш натижасида Фориш туманида 50 минг гектар экин майдони пайдо бўлгани таъкидланиб, унга талаб юқори маҳсулотлар экиб, аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, давлат раҳбари Фориж утманида фаолият юритаётган Mega Invest Industrial қўшма корхонаси иши билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш режалаштирилган. Президент фармони билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атомной энергетикасини ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этилган. “Росатом” корпорацияси билан тегишли келишув имзоланган.

АЭС ҳар бир блоки умумий қуввати 200 МВт бўлган иккита ВВЭР-1200 русумидаги “3+” авлодли энергоблоклардан иборат бўлади. Улар МАГАТEнинг барча хавфсизлик стандартларига ва талабларига жавоб беради.

 

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: