Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланганлигини қайд этди

Дата: 14:45, 27-12-2017.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Жорий йилда Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди, деди 26 декабрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Давлат раҳбарлари кенгашининг Москвадаги норасмий учрашувида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Хабарда айтилишича, Владимир Путин давлат раҳбарларини ташрифи билан қутлаб, Россиянинг МДҲга раислиги якунлари ҳақида тўхталиб ўтди. Жорий йил ўзаро интеграцияни мустаҳкамлаш ва ташкилот нуфузини ошириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилганини таъкидлади.  

“Учрашувда Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақага таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди. Маълумки, Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо давлатлар билан турли соҳалардаги алоқалари изчил ривожланмоқда. Президентимиз шу йил 10-11 октябрь кунлари Сочи шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди. 3 ноябрь куни пойтахтимизда Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилди”, - деб таъкидланади хабарда.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлатимизнинг ташқи сиёсатидаги устуворликлар ҳам айтиб ўтилди, дейилади хабарда. “Мамлакатимиз, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги билан алоқаларни янги босқичда давом эттираётгани таъкидланди. “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили асосида қўшни давлатлар билан муносабатлар мустаҳкамланди. Бу Ҳамдўстлик доирасидаги алоқалар ривожида ҳам муҳим ўрин тутади”, - деб маълумот беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

 Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Сурат манбаи: https://thediplomat.com/2017/07/russia-and-uzbekistans-renewed-security-partnership/

Янгилик билан ўртоқлашиш: