Мирзиёевнинг Кореяга ташрифи доирасида қиймати $10 млрддан зиёд 60 ҳужжатлар имзоланди
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга ташрифи доирасида қиймати $10 млрддан зиёд 60 ҳужжатлар имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ҳар томонлама самарали бўлди. Учрашувларда йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш, вазирликлар ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилинди”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган “Ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берган тарихий ташриф” номли мақолада.
Шундан кейин таъкидланишича, ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати $10 млрддан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Шундан $4,5 млрди тўғридан-тўғри инвестициялардир.
“Эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади”, - дейилади хабарда.