Миср президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида $400 млнлик шартномалар имзоланди

Дата: 14:40, 05-09-2018.

Тошкент. 5 сентябр. ЎзТАГ – Миср президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида $400 млнлик шартномалар имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

Хусусан, бу ҳақида Кўксаройда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг тор доирадаги музокараларида сўз борди.

“Биз Мисрга инсоният цивилизацияси марказларидан бири, бугунги кунда катта салоҳиятга эга давлат сифатида қараймиз. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида қадимдан алоқалар бўлган. Мана бугун Ўзбекистон билан Миср ҳамкорлигида янги босқич, амалий ишлар бошланмоқда. Ушбу ташрифга тайёргарлик жараёнида мамлакатларимизда фойдаланилмаётган улкан имкониятлар борлиги аён бўлди. Бугун ўтаётган бизнес-форумда қиймати $400 млнлик шартномалар бўйича келишувга эришилгани шундан далолат. Ишонаманки, Миср президентининг Ўзбекистонга ташрифи ўзаро ҳамкорлигимизда катта натижалар беради”, - деб иқтибос келтиради Ш. Мирзиёевнинг сўзларидан матбуот хизмати.

Музокарада аввал эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг натижалари муҳокама қилингани таъкидланмоқда. Президентлар, деб давом этилади шундан сўнг, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва илмий-техникавий, туризм ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Шу мақсадда икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, турли даражаларда учрашувлар ўтказиш ва шериклик алоқаларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари, дея қайд этилади шундан кейин, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада тажриба алмашиш, идоралараро алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма ишчи гуруҳи ташкил этишга қарор қилингани айтиб ўтилмоқда.

Бундан ташқари, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу масалалар бўйича Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олинди.

“Президентлар кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан қарашлари яқин ва ўхшаш эканлигини таъкидладилар”, - дейилади хабарда.

Абдулфаттоҳ ас-Сиси Шавкат Мирзиёевни Мисрга ташриф билан боришга таклиф этди.

$1=7827,23 сўм


Сурат манбаи: из http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: