МХХ бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан қилинган газ ўғирлигини фош қилди

Дата: 16:17, 08-11-2017.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан йирик миқдорда газ ўғирлаш ҳолатига чек қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Сардоба, Гулистон туман аҳолиси бир неча ой давомида суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш бўйича узилишларга дуч келишди. Мавжуд вазиятнинг барча тафсилотларини ўрганиб чиқиш мақсадида МХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказдилар.

“Ўзтрансгаз” АЖ Сирдарё вилояти филиали раҳбари Бахтиёр Эшонқулов, “Мирзаобод” газ тарқатиш шохобчаси етакчи мутахассиси Элёр Каримов, газ қуювчиси Жаҳонгир Султонов, шунингдек, вилоят газ таъминоти ҳайдовчиси Эркин Бўтаев ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, схема тузишади. Унга кўра, аҳоли учун мўлжалланган газ Самарқанд вилояти хусусий газ қуйиш шохобчаларига нақд пулга сотилган”, - деб таъкидланади куч тизими хабарида.

Одатда газ ташувчи автомашина ҳайдовчиси Эркин Бўтаев Қашқадарё вилояти “Шуртаннефтгаз” корхонасидан ёқилғи олиб, уни қайтаётганда йўл йўлакай Самарқанд вилоятидаги хусусий газ қуйиш шохобчаларига нақд пулга сотиб юборади.

“Ҳайдовчи олинган пулларни “Мирзаобод” газ тарқатиш шохобчаси етакчи мутахассиси Элёр Каримовга беради. Каримов ўз навбатида корхона раҳбари Бахтиёр Эшонқуловга етказади, у эса пулларни барча иштирокчилар ўртасида тақсимлаб келади. Ҳайдовчи ҳар бир қатновдан 600 минг сўм, Каримов ва Султонов эса 1,5 млндан 3 млн сўмгача олишган. Қолган пуллар эса Эшонқуловда қолади”, - дейиладди хабарда.

Ўғирликларни яшириш мақсадида газ баллонларнинг фақат маълум бир қисми,тўлиқ тўлдирилмаган ҳолатда аҳолига етказилган.

МХХ тезкор ходимлари ҳайдовчи Эркин Бўтаевни ашёвий далиллар билан бирга қўлга олишди. У навбатдаги 20,2 тонна газни Самарқанд вилояти хусусий газ қуйиш шохобчаларига сотаётган пайтда қўлга олинди. Кейинчалик газ ташиш машинаси ҳужжатларни текшириш мақсадида Сирдарё вилояти Оқолтин тумани “Сардоба” постида тўхтатилади. Машина салонида 23,8 млн сўм ва $1 минг топилди. Ушбу маблағлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Дастлабки тергов давомида жиноятчилар жорий йил май-октябр ойлари давомида томонидан ноқонуний равишда 265 тонна суюлтирилган газни Самарқанд вилоятидаги хусусий газ қуйиш шохобчаларига сотиб юборишгани аниқланди. Бунинг натижасида давлатга 486 млн сўм зиён етказилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси томонидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 209 (Мансаб сохтакорлиги) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: