МХХ Гулистон давлат университети ўқитувчиларидан бирини пора учун қўлга олди

Дата: 16:30, 02-08-2017.

Гулистон. 2 август. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Гулистонда яшовчи аёлни республика олий таълим муассасаларига киришда ёрдам эвазига пул маблағлари ундираётган пайтида қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизими хабарига асосланган ҳолда.

Қува шаҳрида истиқомат қилувчи аёл МХХ органларига ариза билан мурожаат қилиб, Мухтасар исмли аёл унга қизи ва келинини $6 минг эвазига Гулистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни таклиф қилганини маълум қилди.

“Келиб тушган ариза асосида МХХ вакиллари ва Солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадни легализация қилиш билан кураш департаменти ходимларидан иборат махсус тезкор гуруҳ тузилди. Махсус ўтказилган операция давомида Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи аёл пулни олаётган вақтда қўлга олинди”, - деб таъкидланади куч тизими хабарида.

Дастлабки тергов давомида, ушбу жиноятни Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1968 йилда туғилган, Гулистон давлат университетида катта ўқитувчи бўлиб ишлаётган Мухтасархон Олимова томонидан содир этилгани аниқланди.

Олимова Давлат тест марказида таниш-билиши борлигини рўкач қилиб, ўқишга киритиш ёрдами эвазига фирибгарлик йўли билан фуқаролардан пул ундириш билан шуғулланганлини аниқланди.

Аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 210 (пора бериш) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: