МХХ милицияга ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарликни фош қилди

Дата: 16:22, 27-09-2017.

Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Фарғонада пул эвазига ички ишлар органларига ишга жойлашда кўмак беришни ваъда қилган аёлни ҳибсга олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МХХга Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи У.Х. ва Н.М ариза билан мурожаат қилиб, Ҳалима исмли аёл ички ишлар органларига ишга жойлаш учун $3 минг талаб қилаётганини маълум қилишди.

“Ушбу мурожаат асосида МХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимларидан иборат гуруҳ ташкил этилди. Гуруҳ аёлни туман тез ёрдам бўлими қошида $3 минг олаётган пайтида қўлга олди”, - деб таъкидланади куч тизими хабарида.

Дастлабки тергов доирасида қўлга олинган аёл Тошлоқ тумани “Қуйи Яккатут” қишлоқ фуқаролар йиғини вилоят ёнғин хавфсизлиги жамиятида назоратчи бўлиб ишловчи 36 ёшли Ҳалимахон Қодирова эканлиги маълум бўлди. У органларда ишловчи дўстлари ёрдамида аризачини ИИБга ишга жойлашни режалаштиргани аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Қодировага нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора бериш) моддалари бўйича иш қўзғатилди. Тергов доирасида унинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги эҳтимолий алоқалари аниқланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: