МХХ наркотиклар ташиш бўйича навбатдаги канални ёпди

Дата: 17:38, 11-09-2017.

Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистонга наркотиклар етказиб бериш бўйича навбатдаги канални ёпишга муваффақ бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизими хабарига асосланган ҳолда.

Яқинда Фарғона вилояти Боғдод туманида яшовчи, муқаддам ҳам наркожиноят учун судланган 31 ёшли Авазжон Мелиевни қўлга олиш бўйича операция муваффақиятли якунланди.

“Мелиев йўловчи машинада Тошкент вилоят Бекобод туманидан пойтахга йўл олаётган бўлган. Унинг сумкаси тинтилганда 3,5 кг афюн моддаси топилди. Тергов жараёнида А.Мелиев юкни Тошкентга етказиб, кейин сотиш учун Қўқонга йўллашни режалаштиргани аниқланди”, - дейилади МХХ хабарида.

Бундан ташқари, Авазжон Мелиев Тошкент вилояти Бўка туманидаги наркотиклар яширилган яна бир жойни айтиб берди. Бу ердан ҳам 2,8 кг афюн моддаси топилиб, олиб қўйилди. Олиб қўйилган наркотикларнинг жами оғирлиги 6,3 кгн ошди.

Тўпланган материаллар асосида Авазжон Мелиевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246 ва 273 моддалари бўйича иш қўзғатилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: