МХХ ноқонуний валюта сотувчиларга қарши рейдлар ўтказди

Дата: 12:47, 25-09-2017.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – МХХ тезкор ходимлари ноқонуний валюта сотувчиларга қарши рейдлар ўтказдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қорақалпоғистонда Нукусдаги деҳқон бозори ҳудудида $2 минг ноқонуний алмаштириш факти бўйича валютачи Куатбай Йўлдошев, Исак Убайдуллаев ва Ража Алламжаровлар қўлга олинди.

“Фарғона вилоятида тезкор ходимлар бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан биргаликда Олтиариқ туманидаги “Капчугай” қишлоғи ҳудудида фуқаро Жавлонбек Эргашевни $8 минг ҳорижий валютани 64,4 млн сўмга ноқонуний алмаштириш факти бўйича қўлга олдилар”, – деб таъкидланади куч тизими хабарида.

 Эргашевнинг автомашинаси кўздан кечирилганда $14,7 минг ва 16,7 млн сўм топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Терговгача тадбирлар доирасида қўлга олинган шахс олдинроқ мижози Муҳаммадали Расулов билан учрашиб, $11,8 мингни 95 млнга ноқонуний алмаштиргани маълум бўлди. Бу пул ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент К. Йўлдошев, И. Убайдуллаев, Р. Алламжаров, Ж.Эргашев ва М.Расуловларга нисбатан Жиноят кодексининг 177 моддаси бўйича (валютани ноқонуний сотиб олиш ёки сотиш) жиноий иш қўзғади. Тергов олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: