МХХ Самарқанддаги икки ОТМ раҳбар ходимларини пора учун қўлга олди

Дата: 10:22, 03-08-2017.

Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Самарқандда ўз олий таълим муассасаларига киритиш учун катта миқдорда пул ундираётган икки ОТМ раҳбар ходимларини қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МХХ хабарига асосланган ҳолда.

Олинган маълумотларга кўра, қабул комиссияси аъзоси бўлган Самарқанд Давлат университети факультетларидан бирининг декани хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш билан шуғулланган. Декан олий таълим муассасасининг бир неча ўқитувчилари билан тил бириктирган ҳолда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан тест синовларидан муваффақиятли ўтказиш масаласини ижобий ҳал қилиш учун пул олиб келган.

“Бундан ташқари, декан аълога ўқувчи талабаларни тестларда “паровоз”лар сифатида қатнашишга мажбурлаган ва бундан бош тортишса, олий таълим муассасасидан ҳайдаш билан таҳдид қилган. Орган ходимлари деканни Самарқандда яшовчи аёлдан $23 минг олаётган пайтида қўлга олдилар. Бунинг эвазига қўлга олинган шахс аёлнинг тўрт қариндошини мазкур ОТМга муаммоларсиз киритишни ваъда қилган”, - дея таъкидланади куч тизими хабарида.

Қўлга олинганлардан яна бири Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти проректори ва айни пайтда қабул комиссияси аъзоси бўлиб чиқди.

Тергов маълумотларига кўра, у хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда мазкур ОТМнинг бир неча ўқитувчилари билан тил бириктириб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан тест синовларидан муваффақиятли ўтказиш масаласини ижобий ҳал қилиш учун пул ундириш бўйича ноқонуний схемани ташкил қилган.

“Схема оддий ва самарали бўлган. Проректор камтаъминланган оилалардан келиб чиққан билимли талабаларни тест синовларида “паровоз”лар сифатида қатнашишга мажбурлаган ва бундан бош тортишса, олий таълим муассасасидан ҳайдаш билан таҳдид қилган. Улар бунга розилик бериб, анча миқдорда пул тўлаган абитуриентларнинг ўрнига тест имтиҳонларига киришган. Шунингдек, у ўз томонидан Давлат тест маркази хужжатларини қалбакилиштиришни таъминлаб турган”, - дея таъкидланади куч тизими хабарида.

Айни пайтда у ўта эҳтиёткор бўлиб, пораларни фақат ўзига жуда яхши таниш бўлган воситачилар орқали олган. Шу сабабли тезкор ходимлар гумондонни ашёвий далиллар билан қўлга олиш учун махсус операция ўтказишларига тўғри келди.

“Хусусан, проректор Самарқанд туманида истиқомат қилувчи кишидан унинг икки қариндошини “Қурилишни бошқариш” факультетига ўқишга киритиш учун $6 минг миқдорда пул ундимоқчи бўлган.

Пулларни унинг шериги, Самарқанддаги Тиббиёт коллежининг собиқ ўқитувчиси “Х.У” олиб, кейинчалик уни проректорга етказиши керак бўлган.

Оператив ходимлар “Х.У”ни пулни олаётган пайтида ашёвий далиллар билан бирга қўлга олдилар. У ўз айбини тўлиқ тан олди. Шунингдек, у проректор ўз шеригига зарур пайтларда ёрдам бериб – абитуриентларнинг ота-оналаридан пулларни олиб келиб бериб турса, юқоридаги олий таълим муассасага ўқитувчи сифатида ишга жойлаб қўйишни ваъда қилган ҳақида ҳам айтиб берди. Кейинчалик, пулни олаётган пайтида жиноий ишнинг асосий фигуранти ҳам қўлга туширилди.

Прокуратура юқорида номлари тилга олинган шахслар устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 210 моддасида кўзда тутилган (Пора олиш) жинояти белгилари бўйича жиноий иш қўзғади.

Ҳозирда тергов доирасида қўлга олинган шахсларнинг бошқа шу каби қонунга хилоф фаолият ҳолатларига алоқадорлигини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: