МХХ тезкор ходимлари Наманган ва Тошкент вилоятида валютачиларни ҳибсга олдилар

Дата: 16:29, 16-10-2017.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ - Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) тезкор ходимлари қатор вилоятларда “қора” валюта бозори фаолиятига чек қўйиш бўйича қатор махсус операцияларни амалга оширдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Наманганда махсус операция ўтказилиб, унинг доирасида маҳаллий аҳолига мансуб Мусохон Аҳмедов ва Муҳаммадсодиқ Рустамовлар (иккаласи ҳам 1990 йилда туғилган) $2500ни 8130 сўм курси бўйича 20,3 млн сўмга ноқонуний алмаштириш пайтида ушланди. Қўлга олинган шахслардан $2500, 5000 Индонезия рупияси, 16 юан ва 25 дания кронаси далил сифатида олиб қўйилди”, - деб таъкидланади куч тизими хабарида.

Ноқонуний валюта савдогарлари Тошкент вилоятида ҳам қўлга олинди. Махсус операция доирасида тезкор ходимлар $2000ни 8150 сўм курсида 16,3 млн сўмга алмаштириш пайтида Самарқанд вилоятида яшовчи 35 ёшли Зайни Эшонқулов ва 25 ёшли Охун Ражабқуловларни қўлга олишга муваффақ бўлишди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ушбу фактлар асосида М.Аҳмедов, М.Рустамов, З.Эшонқулов ва О.Ражабқуловларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 177-моддаси (валютани ноқонуний равишда сотиб олиш ёки сотиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: