МХХ Тошкент ОТМга ўқишга киритиш учун пул ундираётган фирибгарни қўлга олди

Дата: 16:05, 15-05-2017.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – МХХ оператив ходимлари Тошкент олий таълим муассасаларига (ОТМ) ўқишга киритишга кўмаклашиш эвазига пул ундираётган фирибгар аёлни қўлга олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизими хабарига асосланган ҳолда.

МХХ органига Тошкентда яшовчи аёл мурожаат қилиб, Адолат Холиқова исмли аёл Тошкент Давлат университетига киритишда ёрдам учун $10 минг сўраётганини маълум қилган. А.Холиқова ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида яқин қариндошлари борлиги ва улар унга кириш имтиҳонларида ёрдам беришини ҳам айтган.

“Аёл пойтахт ОТМга кириш учун ҳақиқий нархлар рўйхатини ўқиб эшиттирган.  Масалан, 40 минг доллар эвазига Тошкент Давлат юридик университетига, 30 мингга Тошкент Тиббиёт академиясига, 25 минг доллар ўрнига Олий ҳарбий божхона институтига киритиш мумкин бўлган”, – деб таъкидланади куч тизими хабарида.

Фирибган “Самарканд Дарвоза” савдо мажмуида $5 минг миқдорида пул олаётган пайтида ашёвий далил билан бирга қўлга олинди. У сўроқ пайтида бу ишни бойиш мақсадида қилганини тушунтирди.

Ҳозирда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Адолат Холиқовага нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича жиноят иши очди. Тергов олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: