Мол-мулкдан олинган даромадларнинг учдан икки қисми Ўзбекистон пойтахтига тўғри келади
Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Мол-мулкдан олинган даромадларнинг учдан икки қисми Ўзбекистон пойтахтига тўғри келади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Шунингдек, аҳолининг даромад манбаларидан бири бу мол-мулкдан олинган даромадлар ҳисобланади. 2017 йилнинг дастлабки якунларига кўра, аҳолининг мол-мулкдан олган даромадлари 7,9 трлн.сўмни ташкил қилди. 2016 йилга нисбатан ўсиш суръати эса 137,9 фоизни ташкил этди. Аҳолининг умумий даромадлари таркибида мол-мулкдан олинган даромадларнинг улуши 4,2 фоизни ташкил этди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, мол-мулкдан олинган даромадлар, ўз навбатида, фоизлар, дивидендлар, муаллифлик ҳақи ва бошқа мулкий даромадлардан иборат. Мол-мулкдан олинган даромадлар таркибида бошқа мулкий даромадлар асосий улушга эга бўлиб, унинг улуши 59,5%ни ташкил қилди. Кейинги ўринларда дивидендлар - 28,4%ни, облигациялар, депозитлар ва бошқа қимматли қоғозлар бўйича фоизлар ва муаллифлик ҳақи – 12,1%ни ташкил қилди.
Айни пайтда, аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг ўзгаришига мол-мулкдан олинган даромадларнинг таъсири жуда кам. Агар кузатилаётган даврда аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг ўсиш суръати 22,8%ни ташкил этган бўлса, шундан 1,4%и мол-мулкдан олинган даромадлар ҳиссасига тўғри келади.
“2017 йилнинг январ-декабр ойларида мол-мулкдан олинган даромадлар ҳажмининг
учдан икки қисми Тошкент шаҳрига ҳиссасига тўғри келиб, 69,1%ни ташкил этди. Кейинги юқори улушга эга бўлганлари Тошкент (6,9%),Фарғона (3,9%) ва Самарқанд (3,6%) вилоятлари ҳисобланади”, - дейилади хабарда.
Аҳолининг умумий даромадлари таркибида трансфертлардан олинган даромадлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. 2017 йилнинг дастлабки якунларига кўра ўтган йилнинг мос
даврига нисбатан трансфертлардан олинган даромадларнинг номинал ўсиш суръати 55,9%ни ташкил этди.
Шу билан бирга, ушбу даврда аҳолининг умумий даромадлари ҳажмида трансфертларнинг улуши 5,3 фоиз пунктга ошди ва 24,8%ни ташкил этди. Жорий даврда ижтимоий трансфертларнинг ўсиш суръати 114,5%ни ташкил этди.
Ижтимоий трансфертларнинг ўсишига унинг таркибида асосий улушга, яни 84%га эга бўлган пенсиялар таъсир кўрсатди. 2016 йил мос даври маълумотлари билан таққослаганда пенсияларнинг ўсиш суръати 14,8%ни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўзгариши аҳоли умумий даромадларининг 1,8%га ўсиш имконини берди.
Сурат манбаи: http://www.malika-tashkent.com/rus/tashkent.htm