Молия вазири Veolia француз компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди

Дата: 11:39, 13-07-2018.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – Молия вазирлигида бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Veolia (Франция) компаниялари гуруҳи вице-президенти Малика Гендурия ва бошқа вакиллар иштирокида музокаралар ўтказилди, деб хабар беради муассаса матбуот хизмати.

“Учрашув шу йилнинг март ойида ўтказилган музокараларнинг мантиқий давомидир. Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг март ойида Наманган шаҳридаги иссиқлик таъминоти объектларини янгилаш, ҳамда Тошкент шаҳридаги сув ва оқава сув тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди”, - дейилади хабарда.

Музокаралар жараёнида энергия тармоқларини бошқаришнинг комплекс тизимини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси, жумладан, Наманган шаҳрининг бир қисмида иссиқликни узлуксиз таъминлаш бўйича пилот лойиҳа, шунингдек, Тошкент шаҳрида сув таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари тақдим этилди. Музокара иштирокчиларга лойиҳани ишлаб чиқиш режаси ва унинг тафсилотлари ҳақида маълумот берилди.

Эслатиб ўтамизки, Veolia компаниялари гуруҳи 160 йилдан зиёд тажрибага эга бўлиб, сув ресурсларини бошқаришни оптималлаштириш бўйича жаҳондаги етакчи ширкат ҳисобланади. Унинг ходимлари сони жами 163 минг нафарга тенг.

Сурат манбаи: https://gov.uz/media/8f6a0bb5-d217-a53b-0bc2-1fb61ecb7c69.JPG

Янгилик билан ўртоқлашиш: