Ўмоннинг Ўзбекистондаги элчиси 6 йил атрофида ишлаб мамлакатдаги ўз миссиясини якунлади

Дата: 10:52, 28-05-2018.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўмон Султонлигининг мамлакатдаги ўз миссиясини якунлаётган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад бин Саид бин Муҳаммад ал-Лаватини қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВдан маълум қилишларича, суҳбат давомида қўшма кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан БМТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон-Ўмон муносабатларининг барқарор ва илдам тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Маскат шаҳридаги Элчихонаси фаолиятининг бошланиши икки томонлама ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очади.

Мазкур лавозимда деярли 6 йил ишлаган Элчи ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати ва ТИВга Ўмон дипломатик миссияси раҳбари вазифаларини бажаришда кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамизки, Ўмон Султонлигининг Тошкентдаги элчихонаси ўз фаолиятини 2010 йил апрелда бошлаган.

Эслатиб ўтамизки, 2018 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов ва Ўммон мерос ва маданият вазири Ҳаисам ибн Тариқ ал-Саид Ўммон томонининг молиявий ёрдами билан қурилган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биносининг очилиш маросимида иштирок этди.

Шунингдек, йил бошида Ўмон Султонлигининг ваколатли органлари бир қатор дўст давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси учун ҳам сайёҳлик визаларини беришни осонлаштиришга қарор қилдилар.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Ўмон султонлигига кириши учун, агар улар АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Шенген мамлакатлари учун амалдаги визага ёки яшаш жойига эга бўлса, виза зарур эмас.

Шу билан бирга, аризачи 6 ойдан кам бўлмаган амал қилиш муддатига эга паспортга, чипта (шу жумладан, қарама-қарши йўналишга) ва меҳмонхона бронига эга бўлиши керак.

Ушбу қарор, виза эгасининг турмуш ўртоғи ва болалари учун ҳам, ҳатто улар ушбу мамлакатга визага эга бўлмаса ҳам, амал қилади. Шу билан бирга, виза эгасининг шахсан бўлиши мажбурий. Виза бир ой муддатга ва 20 Ўмон риали (тахминан $52) тўлови билан берилади.

$1=7997,95 сўм

Сурат манбаи: http://www.uznews.uz/ru/article/6623

Янгилик билан ўртоқлашиш: