Moody’s агентлиги Ўзбекистон банкларига янги баҳолаш тизимини тақдим қилди

Дата: 15:13, 02-05-2014.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Moody’s етакчи халқаро рейтинг агентлиги томонидан тижорат банкларини рейтинглашнинг янги тизими ишлаб чиқилди. Тошкентда Ўзбекистон Марказий банки кўмагида ушбу услубиятнинг тақдимот маросими ўтказилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЎзР МБдан хабар беришларича, Moody`sнинг янги маҳсулоти ижтимоий таъсирга баҳо беришга асосланган. У микромолиялаш бўйича дастурларнинг сифатига баҳо бериш, молия хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтириш, шунингдек, банкларнинг молия хизматлари фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш бўйича операцион тизимларига баҳо беришга имкон беради.
Мазкур рейтинг баҳоси молия институтининг кучли ва кучсиз томонларини аниқлайди ва халқаро ижтимоий инвесторларнинг ижтимоий йўналишдаги инвестициялари бўйича қарор қабул қилиши учун ахборот билан таъминлайди.
Бирқатор Ўзбекистон банклари Moody’sнинг ижтимоий рейтинг баҳосини олиш ҳақида қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Moody’s халқаро рейтинг агентлиги 8 йилдан бери Ўзбекистон молия тизими билан муваффақиятли ҳамкорлик қилади. 15 апрель куни эса агентлик 5-маротаба Ўзбекистон банк тизими ривожини барқарор дея баҳолади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: