Moody's рейтинг агентлиги “Hamkorbank” АТБ халқаро рейтингларини тасдиқлади

Дата: 10:28, 26-03-2015.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ - Moody's халқаро рейтинг агентлиги “Hamkorbank” акционерлик тижорат банкининг (АТБ) халқаро рейтингларини тасдиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Bank.uz сайти маълумотларига кўра, миллий валютадаги депозит маблағлари рейтинги “В1” кўрсатичи билан, хорижий валютадаги депозит маблағлари рейтинги “В2” кўрсаткичи билан, банк кредитга қобиллигининг асос кўрсаткичи “b1” кўрсаткичи билан баҳоланди.

Қайд этиш зарурки, барча рейтинглар бўйича банк прогнози “Барқарор” даражасида.

Рейтингларнинг тасдиқланиши агентликнинг банкда корпоратив бошқарув тизими ва таваккалчиликни бошқариш тизими, барқарор мижозлар базаси ва яхши даромадлилик борлиги тўғрисидаги фикрини акс эттиради. Бундай даромадлиликни ҳудуддаги кичик ва ўрта бизнесни кредитлашнинг тез ўсаётган ва юқори даромадли сегментига, шунингдек, пул ўтказмалари бозоридан фойдалана олиш имконияти борлиги қўллаб-қувватлайди. Банк даромадлилик, ўз капиталининг адекватлиги ва активларининг сифати бўйича барқарор молиявий кўрсаткичларга эга.

Таҳлилчилар томонидан шу нарса алоҳида эътироф этилдики, молиявий барқарорлик банкнинг микромолиялаш соҳасида, хусусан, Ўзбекистон пул ўтказмалари бозорида етакчилардан эканлиги билан қўллаб-қувватланади. Хусусан, банкнинг кредит портфели 2014-йилда қарийб 86% га ва 2013-йилда 59% га ошди. Шунингдек, сўнгги йилларда кредитлашнинг тез суръатлар билан ўсиб боришига қарамай, “Ҳамкорбанк” активлари сифати ўхшаш банклардагига нисбатан юқорилигича қолмоқда. Банк маълумотларига кўра, 2014-йил 31-декабр ҳолатига тўлов муддати 90 кундан кўпроққа кечиккан кредитларнинг даражаси жами кредит портфелининг 1 фоизидан кам миқдорни ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, Moody's Investors Service халқаро рейтинг агентлиги 5 йилдан буён банкни ижобий халқаро кўрсаткичлар билан баҳолаб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: