Мoody’s Ўзбекистон банк тизими ривожига доир прогнозини эълон қилди

Дата: 12:20, 16-07-2015.

Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – “Мoody’s” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари” янги ҳисоботини эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Прогноз банк тизими кредитга қобиллиги бўйича кейинги 12-18 ойга мўлжалланган баҳони акс эттиради. “Мoody’s” агентлиги кетма-кет олтинчи йил Ўзбекистон банк тизими ривожланиш истиқболларини “барқарор” даражада деб тасдиқлади”, – деб таъкидлашди Марказий банк матбуот хизиматида.

«Мoody’s» агентлиги фикрига кўра, прогноз муддатида ўзбек банкларининг даромадлилик даражаси ўтган йиллардаги каби барқарор даражада сақланиб қолади. Ўзбекистон банкларининг операцион даромад қўрсаткичи МДҲ давлатлари орасида энг юқорилардан бири. Агентлик банклар даромадларининг юқорилиги иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларини янада ошириш учун ресурс манбаи бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

«Мoody’s» агентлигининг асос сценарийсига мувофиқ, рейтингга тортилаётган банклардаги кредитлашнинг ўсиши йилига 20% ташкил қилади. Прогноз даври мобайнида капитал етарлилиги кўрсаткичини амалдаги даражада сақлаб қолиш учун кредитлаш ҳажмининг юқори ўсиш суръатларига мос равишда банклар умумий капиталини ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўрилиши зарур.

Шунингдек, «Мoody’s» агентлиги томонидан прогноз даври мобайнида банклардаги депозитлар ҳажмининг барқарорлиги ҳисобига Ўзбекистон банкларининг ликвидлик кўрсаткичи ҳам юқори даражада сақланиб туриши кутилмоқда. Шу билан бирга, 2015 йилда тижорат банкларининг умумий капитали 25% ўсиши тахмин қилинмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: