Москва прокуратураси Ўзбекистоннинг олти фуқаросига нисбатан жиноий ишни судга оширди
Тошкент. 11 август. ЎзТАГ – Москва прокуратураси Ўзбекистоннинг олти фуқаросига нисбатан 4 кгдан зиёд наркотикларни сотишга уриниш билан боғлиқ ишни судга оширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Москва прокуратураси Ўзбекистон Республикасининг олти фуқароси: Шохруҳ Ҳазратқулов, Мамур Аҳмедов, 20 ёшли Ботиржон Файзуллаев, Умиджон Маҳмудов, Далержон Қосимов ва 21 ёшли Шахриёр Махмуджоновларга нисбатан жиноят ишида айблов хулосасини тасдиқлади”, - дейилади Москва прокуратураси сайтида жойлаштирилган маълумотда. Тергов маълумотига кўра, айбланганлар наркосотувчилар уюшган жиноий гуруҳи таркибига киришган.
“Жиноят қилишдаги роли ва иштирок даражасидан келиб чиқиб уларнинг ҳаракатлари РФ ЖК тегишли моддалари бўйича уюшган жиноий гуруҳ томонидан наркотик воситаларни йирик миқдорда ноқонуний сотишга уриниш, уюшган жиноий гуруҳ томонидан наркотик воситаларни ўта йирик миқдорда ноқонуний сотишга уриниш сифатида талқил этилган.
Хабар берилишича, 2015 йилнинг апрелидан августигача алоҳида жиноий ишга тортилган шериклари билан биргаликда героинни (4 кгдан ортиқ) йирик ва ўта йирик миқдорда сотишга уриниш билан боғлиқ қатор ўта оғир жиноятларни содир этишган.
Наркосотувчилар гуруҳининг ҳаракатларига 2015 йил сентябрда – жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги қўлга олинганидан сўнг чек қўйилган.
Жиноят иши Москва вилоятининг Химки шаҳар судига кўриб чиқиш учун йўналтирилган. Барча айбланувчилар хибсда сақланмоқда.


