Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл Ўзбекистон президентига “самимий қабул ҳамда Ўзбекистонга тадбирларга бой ташриф дастури” учун миннатдорчилик билдирди
Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл Ўзбекистон президентига “самимий қабул ҳамда Ўзбекистонга тадбирларга бой ташриф дастури” учун миннатдорчилик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Учрашувда экстремизм, терроризм ва радикализм каби глобал хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодга таълим ва маънавий-аҳлоқий тарбия бериш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Ўзбекистонда Рус православ черкови фаолиятига кўрсатилаётган эътибор ва кўмак, христиан динига эътиқод қилувчиларнинг тўлақонли маънавий ҳаёти йўлида яратилган шароитлардан ғоят хурсанд бўлганини таъкидлади.
"Рус православ черкови Ўзбекистон – Россия муносабатларини мустаҳкамлашда бундан буён ҳам фаол иштирок этиш, маънавий қадриятларимизни бойитиш, халқларимизни янада яқинлаштиришга кўмаклашишга тайёр экани қайд этилди”, - дейилади яна хабарда.


