Москвада Савицкий номидаги Нукус музейи расмларининг кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 16:42, 09-02-2017.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Мартда Москвада машҳур Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи фонди расмларининг кўргазмасини ўтказиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мақсадда Москванинг муассаса раҳбари Марина Лошак раҳбарлигидаги Пушкин номидаги тасвирий санъат музейи делегацияси 3-6 феврал кунлари экспонатларни танлаш учун Ўзбекистонда бўлди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги маълумотига кўра, делегация Нукусдаги Савицкий номидаги Давлат санъат музейига, Хивадаги Ичан-Қала музей-қўриқхонасига ташриф буюрди.

“И.Савицкийнинг афсонавий шахсини очиб бера олсак, кўплаб санъат ихлосмандларининг Нукусга нафақат музейни кўриш учун, балки Қорақалпоғистон ерига қадам ранжида қилиш учун ҳам ташриф буюришига эришган бўламиз. Айнан шу жой унга илҳом берган. Шу маънода халқларимиз дўстлиги рамзи бўлган Савицкий Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Россияга бирдай мансубдир”, - деди М.Лошак.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон томони Савицкий музейи экспонатларини Россияга махсус чартер авиарейс билан Нукусдан Москвага юбориш ва қайтариб олиб келишни ўз зиммасига олди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: