Москвада Ўзбекистоннинг савдо-кўргазма павильони очилди

Дата: 17:11, 16-03-2017.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – 15 мартда “Узглобалтрейд” ўзбек-россия савдо уйи Москвадаги “ФУД СИТИ” агрокластери ҳудудида Ўзбекистоннинг доимий савдо-кўргазма павильонини ишга туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, лойиҳа “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК билан биргаликда амалга оширилган.

Шу куннинг ўзида Европадаги энг йирик агрокластер ҳудудида Ўзбекистон, Жанубий Корея, Саха Республикаси (Ёқутистон), Ставрополь ва Смоленск кўргазма павильони очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон стенди миллий ранг-баранглик ва тақдим қилинган маҳсулотларнинг кенг ассортименти, жумладан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари таркибига кирувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг озиқ-овқат, халқ истеъмоли, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари тақдим қилинди.

Ўзбекистон вакили, “Узглобалтрейд” савдо уйи бош директори Магомед Мусаевнинг айтишича, савдо-кўргазма павильони ҳўл ва қайта ишланган маҳсулотлар экспортини оширишга  имкон беради. Ўтган йил экспорт ҳажми $85 млнлик 122 минг тонна маҳсулотни ташкил қилган.

Ҳудудлар ва давлатлар павильонларининг бир жойда ихчам жойлаштирилгани эвазига ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар бир-бирларига маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларни воситачиларсиз, тўғридан-тўғри тузишлари мумкин. Бу эса дўконлардаги маҳсулотларни анча арзонлаштиришга имкон беради.

Эслатиб ўтамизки, “Узглобалтрейд” Савдо уйи Москвада “ФУД СИТИ” марказида 2016 йил 17 октябрда очилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: