Москвадаги меҳнат патентларининг деярли ярмини Ўзбекистон фуқаролари олишган

Дата: 16:19, 20-10-2017.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – 2017 йилнинг тўққиз ойи давомида Москвадаги меҳнат патентларининг деярли ярмини Ўзбекистон фуқаролари олишган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сахароводаги кўп функционал миграция маркази 2017 йилнинг тўққиз ойи давомида 323 минг патентларни берди – бу ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 10%га кўп. Ҳар йили мигрантларга тахминан 400 минг патентлар берилади. Мурожаатларнинг 50%дан ортиғи аввал патентни расмийлаштирганлар ҳиссасига тўғри келади”, - деди РБКга иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти раҳбари Владимир Ефимов.

Амалдорнинг сўзларига кўра, патентларнинг 46%ини Ўзбекистон фуқаролари, 32%ини Тожикистон фуқаролари олишган. Кейинги ўринлардан Украина (12%), Молдова (7%) ва Озарбойжон (3%) фуқаролари боришмоқда.

Ефимовнинг маълумотига кўра, украиналикларга Евроиттифоққа визасиз бориш ҳуқуқи берилганидан сўнг патент учун мурожаат қилувчилар сони камаймаган. “Жорий йилнинг тўққиз ойида украиналикларга 44 минг атрофида патентлар берилди, бу ўтган йилдаги кўрсаткич билан тенг. Патент олиш учун мурожаат қилган барча мигрантлар орасидаги украиналиклар улуши Ўзбекистон ва Тожикистондан мурожаатлар сони ўсиши ҳисобига бироз пасайган”, - деб хулоса қилди амалдор.

Янгилик билан ўртоқлашиш: