МСК ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 09:50, 07-10-2016.

Тошкент. 7 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирза-Улугбек Абдусаломовнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари  координатори Жон Макгрегор билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати.

“М.Абдусаломов Марказий ва округ сайлов комиссиялари томонидан шу йилнинг 4 декабр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача ахборот берди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда Марказий сайлов комиссияси ва ЕХҲТнинг ҳамкорлиги самарали ривожланиб бораётгани қайд этилди. ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг Тошкентдаги офиси “Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳа доирасида мамлакатимизда сайлов амалиётини янада демократлаштиришнинг турли масалаларига бағишланган халқаро тадбирлар, анжуман ва семинарларни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол иштирок этди. Уларнинг ишида ЕХҲТга аъзо мамлакатлар вакиллари, шу жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси вакиллари Испания, Франция, Дания, Буюк Британия сайлов амалиёти билан яқиндан танишиш, шу жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон реестрини яратиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш имконига эга бўлишди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда парламент ва Президент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни юзасидан бир неча марта кузатув олиб боргани қайд этилди. Бу сафар Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси шу йилнинг 11-14 октябр кунлари Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилди.

“Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича тарафларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди”, - деб хулоса қилинади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: