МСК хорижий давлатлардаги сайловчилар учун максимал қулайликлар яратади

Дата: 14:18, 05-11-2014.

Тошкент. 5 ноябр. ЎзТАГ – Марказий сайлов комиссияси (МСК) хорижий давлатлардаги сайловчилар учун максимал қулайликлар яратади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон МСК раиси М.Абдусаломов комиссиянинг навбатдаги йиғилишида маълум қилди. Мазкур йиғилишда МСК Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 44та сайлов участкасини тузиш ва уларни Тошкент шаҳридаги 126-Темирйўлчилар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди.

“Қонунчиликка биноан, сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади”, – деб қайд этди МСК раиси М.Абдусаломов. “Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ерларда ҳам тузилади. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари МСК томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ташкил этилади”, – деб қўшимча қилди у.

Мажлисда, шунингдек, МСКга тегишли тартибда мурожаат қилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: