МСК ОАВ эркин демократик сайловларнинг муҳим бўғини деб ҳисоблайди
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида видеоконференцалоқа шаклида “Оммавий ахборот воситалари ва сайловолди ташвиқоти” мавзусида амалий семинар ўтказилди, деб хабар қилинади Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайтида.
”Семинар доирасида оммавий ахборот воситалари эркин демократик сайловларни ўтказишнинг муҳим бўғини ҳисобланади, деб таъкидланганди. Сайлов жараёнида барча фуқароларга сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастури, шунингдек, сайлов жараёнининг моҳияти ҳақида тўлиқ ахборот олиш шарт-шароитлари таъминланади”, - деб таъкидланади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси ҳал қилувчи палласига кирди.
“Шу йилнинг 28 октябридан сайловолди ташвиқоти бошланди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга асосан сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони, нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин”, - дейилади хабарда.
Хабар берилгани каби, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратди.
Шунингдек, номзодларга “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурлы жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.
Эслатиб ўтамизки, 29 октябрда Ўзбекистон МСК Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партияси (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёевни, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадовни, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмоновни президенлик сайловларида номзод сифатида рўйхатга олди.
Муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда ўтказилади. Сайловлар Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда.
Президент 5 йил муддатга сайланади.