МСК овоз бериш жараёнини яхши ташкил қилди – ЕҲҲТ миссияси
Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) овоз бериш жараёнини яхши ташкил қилди, деди Тошкент вақти билан соат 14.00да бошланган брифингда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕҲҲТ ДИИҲБ) чекланган миссияси бошлиғи Даан Вильям Эвертс.
Унинг сўзларига кўра, сайловлар яхши ташкил этилган бўлиб, аммо ҳақиқий сайловолди кураши ва баҳслари етишмагани сезилди.
Ўзбекистон фуқаролари, деб таъкидлади жаноб Эвертс, овоз бериш жараёнида юқори фаоллик кўрсатдилар, сайлов участкаларида халқаро ташкилотлар, партиялар, ОАВдан кўплаб кузатувчилар бўлди. “Аммо шу билан бирга тўлиқ тасаввур ҳосил бўлиши учун қанча сайловчилар хориждалигини кўрсатувчи сайловчилар реестри зарур”, - деб таъкидлади чекланган миссия раҳбари.
ЕҲҲТ ДИИҲБ Ўзбекистонга аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий онгини кучайтириш, шунингдек, жамоат ташкилотларидан кузатувчилар жалб қилишни маслаҳат берди.
Қоидага кўра, ЕҲҲТ ДИИҲБнинг чекланган миссияси Ўзбекистондаги сайловлар тўғрисидаги тўлиқ ҳисоботини кейинчалик эълон қилади.