МСК парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди

Дата: 17:31, 23-12-2019.

Тошкент. 23 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Дастлабки маълумотларга кўра, 128 депутат Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда 150 сайлов округидан сайланди. Жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 43, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан 35, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан 21, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 18, Ўзбекистон Экологик партиясидан 11 депутат сайланди", - дея хабар қилди Марказий сайлов комиссияси раҳбари Мирзо Улуғбек Абдусаломов.

Сайлов кодексига кўра, овозларнинг ярмидан кўпини олган номзод, яъни 50% дан кўпроғи сайланган деб ҳисобланади.

"Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда 22 округида номзодларнинг ҳеч бири етарли овоз тўпламаганлиги сабабли, ушбу ҳудудий бирликларда депутат сайланмаган", - деб қайд этди Абдусаломов.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда 13963627 нафар сайловчи иштирок этди, бу эса чет элда яшаётган фуқароларни ҳисобга олган ҳолда сайловчиларнинг умумий сонининг 67,8 фоизини ташкил этди. 150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

Аввал хабар қилинганидек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилари миссияси Ўзбекистонда сайловни шаффоф, ишончли ва демократик деб тан олди.

Сурат манбаи: t.me/electionsuz

Янгилик билан ўртоқлашиш: