МСК Ўзбекистон ОАВ билан президентлик сайловларини ёритиш бўйича келишув имзолади

Дата: 17:54, 22-09-2016.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ОАВ билан президентлик сайловларини ёритиш бўйича келишув имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика МСК асосланган ҳолда.  

“2016 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида икки томонлама битимлар имзолади”, - дейилади Марказий сайлов комиссияси хабарида.

Таъкидланишича, битимларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидаларини, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, шу жумладан, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади. 

Хабар берилишича, 19 ва 20 сентябрда Ўзбекистон либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп), “Миллий тикланиш” Демократик партияси, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) МСКга Ўзбекистон президенти сайловларида қатнашиш учун хужжат топширдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёевни, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадовни, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмоновни номзод қилиб кўрсатди.

Эслатиб ўтамизки, муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтади. Сайлов кампанияси 9 сентябрдан бошланди. 30 сентябр - 20 октябр орасида номзодларни рўйхатга олиш ишлари ўтказилади.

Муддатидан олдинги сайловлар Ўзбекистонда Конституцияга мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда.

Президент 5 йил муддатга сайланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: