МСК Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишни бошлади

Дата: 15:56, 24-10-2016.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Марказий сайлов комиссиясида сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича экспертлар гуруҳлари иш бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу гуруҳларнинг таркибида ички ишлар, адлия органларининг, аҳолини ҳисобга олиш билан шуғулланувчи муассасаларнинг мутахассислари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари бор.

“Қонунга асосан текшириш учун имзо варақалари танлаш йўли билан ажратиб олиниши мумкин. Бунда текшириш учун ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб тўпланган сайловчилар имзоларининг тенг миқдордаги сони ажратиб олинади”, - деб таъкидланади МСК хабарида.

Экспертлар гуруҳи аъзолари ҳар бир имзо варақасини кўздан кечирадилар, бунда уларнинг тўғри тўлдирилганлигига, йўл қўйилган тузатишлар, ўчириб ёзилган жойлар мавжудлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига ўхшаш имзолар, қўшимча имзо билан тасдиқланган тузатишлар мавжудлигига алоҳида эътибор берадилар.

Кўздан кечириш пайтида камчиликлари аниқланган ёки шубҳа туғдирадиган ноаниқликлари мавжуд имзо варақалари батафсил текшириш учун ажратиб олинади. Экспертлар гуруҳи имзо варақаларини текширишни ўтказаётган хонада сиёсий партияларнинг вакиллари ҳозир бўлмоқда.

Текшириш тугаганидан сўнг баённома тузилиб, унда сайловчиларнинг тақдим этилган имзолари сони, сайловчиларнинг текширилган имзолари сони, сайловчиларнинг ноаниқ ва ҳақиқий эмас деб топилган имзолари сони кўрсатилади. Баённоманинг нусхаси сиёсий партиянинг вакилига берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: