МСК Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида 44 сайлов участкалари ташкил қилишни режалаштирмоқда

Дата: 12:46, 04-11-2014.

Тошкент. 4 ноябр. ЎзТАГ – Марказий сайлов комиссияси (МСК) Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида 44 сайлов участкалари ташкил қилишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида МСК раиси М.Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилди. Ушбу мажлисда хорижий давлатларда сайлов участкаларини ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловни ёритиш учун журналистларни аккредитациядан ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

“Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, парламент сайлови бўйича 44та сайлов участкасини тузиш ва уларни Тошкент шаҳридаги 126-Темирйўлчилар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, сайловчилар учун зарур шароитлар яратишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди”, – деб қайд этилади Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар 2014 йилнинг 21 декабр куни бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: