МСК ЎзЛиДеП номзоди Ислом Каримов бошқа президентликка номзодлардан кўра кўп тарғибот қилинмаганлигини маълум қилди

Дата: 15:30, 08-04-2015.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – ЎзЛиДеП номзоди Ислом Каримовнинг ахборий ёритилишига ажратилган вақт бошқа уч президентликка номзодларга берилган эфир вақти ва босма майдонлари ҳажмидан ошиқ эмас. Ушбу хулоса Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ номзодлар тарғиботига доир мониторинг якунларида келтирилиб, МСК сайтида эълон қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хабарда таъкидланишича, “амалдаги давлат раҳбарининг ахборий ёритилиши президентнинг муҳим қарорларини жамоатчиликка етказиш ва Наврўз умумхалқ байрамини ёритиш зарурияти билан изоҳланади”.

МСК маълумотига кўра 14 февралдан 28 мартгача президентликка номзодларга ОАВ тарғибот учун тенг имкониятлар яратилди. Ҳар бир номзодга асосий маҳаллий теле ва радио каналларда 900 дақиқа (15 соат) эфир вақти, “Халқ сўзи”,“Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 10 бет тақдим этилди.

Бундан ташқари, ҳудудий ОАВ, теле- ва радиоканалларда 180 дақиқадан (3 соат) эфир вақти, босма нашрларда 5 бетдан жой ҳам берилди.

Мониторинг якунларида айтилишича, ОАВ номзодлар тарғиботи учун тенг имкониятлар тақдим этганлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: