MTCнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси қишлоқ ҳудудларида тармоқ қопламини кенгайтириш дастурини амалга оширмоқда

Дата: 15:11, 03-02-2016.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – UMS мобил оператори (MTCнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси) қишлоқ ҳудудларида тармоқ қопламини кенгайтириш, юқори босим мавжуд бўлган аҳоли зич ҳудудлардаги сиғимини ошириш дастурини амалга оширмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хусусан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида янги база станциялари ўрнатилди. Бунинг натижасида Кўктерак ва Тулаби қишлоқлари ҳамда атрофдаги бошқа ҳудудларнинг аҳолиси “учинчи авлод” тармоқларида овозли алоқадан ҳамда юқори тезликдаги Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар”, - деб таъкидлашди компанияда.

Шунингдек, Бухоро ва Фарғона шаҳарлари, шунингдек Тошкент шаҳрининг Учтепа, Чилонзор, Шайхонтохур, Юнусобод, Яшнобод туманлари ҳудудлари ва атрофларида янги база станцияларини ўрнатиш ҳисобига тармоқ сиғими янада кенгайтирилди.

“Бу чора-тадбирларнинг асосий фойдаси – иложи борича кўпроқ абонентларга барқарор юқори тезликда бўлган маълумотлар узатиш хизматини тақдим этишдир. Тармоғимизда мобил Интернетга уланган мосламалар сони кескин ортиб бораётганини кўриб турибмиз. Бундай шароитда инфратузилмани доимий тарзда ривожлантириш талаб этилади; тармоқ сиғими кенгайиши оқибатида овозли трафик, видео кўриш ёки Интернет-сёрфинг учун тегишли сифат даражаси таъминланади”, - деди UMS Бош директорининг техник масалалар бўйича ўринбосари Евгений Лукьянчук.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг учинчи чораги якунлари бўйича Universal Mobile Systems ўзбек-россия мобил операторининг абонентлар базаси 870,6 минг кишига етди. МТСнинг UMS низомидаги улуши 50,01%, қолган 49,99% “Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази» ДУК тегишли.

Янгилик билан ўртоқлашиш: