МТРК делегацияси Осиё-Тинч океани минтақаси телерадиоэшиттирувчилар уюшмасининг бош ассамблеясида қатнашди
Тошкент. 19 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси делегацияси Осиё-Тинч океани минтақаси телерадиоэшиттирувчилар уюшмасининг (ABU) Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 52-Бош Ассамблеясида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МТРК хабар қилишларича, Бош ассамблеянинг Дастурий қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон ОАВнинг Европа ва Осиё компаниялари вакиллари иштирокида тақдимот ўтказилди.
Хусусан, улар МТРК иши, унинг ишлаб чиқариш ва техник базаси ривожи, янги ахборот ва коммуникация технологиялари, рақамли телевидениени жорий этиш кабилар билан таништирилди. Шундан сўнг, МТРК ва ABU билан ҳамкорликда 2015 йил июл ойида ташкил этилган “ABU 2015 Tashkent Forum“ анжумани ҳақида тайёрланган махсус видеоролик намойиш этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси уюшманинг ABU Бошқарув кенгаши аъзолигига қабул қилинди. Кенгаш барча соҳаларда ташкилот фаолиятига доир муҳим қарорлар қабул килади ва қўшимча тўла ҳуқуқли 17та аъзо-ташкилотлардан иборат.
Маълумот ўрнида, ABU 1964 йил 1 июлда ташкил этилган бўлиб, телерадиоэшиттирувчи ташкилотлар бирлашмаси ҳисобланади. Айни пайтда 75 мамлакатдан 278 ташкилот ABUнинг аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 1996 йилдан ABUнинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.