МТС ва Ўзбекистон ўзаро даъволардан вос кечдилар
Ташкент. 18 ноябр. ЎзТАГ – “Мобильние ТелеСистемы” ОАЖ (МТС) компанияси ва Ўзбекистон ўзаро даъволардан вос кечдилар ва Инвестиция баҳсларини ажрим қилиш бўйича халқаро марказга (ICSID) қўшма ариза топширдилар. Шу билан томонлар ўзаро арбитраж ажримига якун ясадилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақидаги маълумот МТС сайтида жойлаштирилган.
2014 йилнинг 31 июлида МТС ва Ўзбекистон Республикаcи ўзаро даъволарнинг ҳал қилинганлиги ҳақида Келишув битими имзолаган эдилар. Бу эса мавжуд келишмовчиликларга чек қўйиб, МТСнинг Ўзбекистон ҳудудида фаолиятини қайта бошлашга имкон яратган эди.
Келишув битими шартларига мувофиқ, 2014 йилнинг 24 сентябрида МТС компанияси Ўзбекистонда янги Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхона ташкил этиб, корхонанинг 50,01% улушини олди, корхонанинг қолган 49,99% улуши эса Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қошидаги “Радиоалоқа, радиоэшиттирув ва телевидение маркази” ДУКга тегишли.
Бугунда қўшма корхонага 2G/3G/LTE тармоқлари, частота ва рақамлар ҳажми бўйича лицензиялар, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ инвестициялар сақланиши ва қайтарилиши бўйича кафолатлар берилган.
UMS 2014 йилнинг 1 декабрдан ўз тижорат фаолиятини бошлаши режалаштирилган, дейилади хабарда.