МТС ўзбек бозорига қайтиши мумкин

Дата: 15:15, 30-04-2014.

Тошкент. 30 апрель. ЎзТАГ – МТСнинг Ўзбекистонга Нью-Йорк халқаро арбитраж судидаги даъвоси “музлатилган”, томонлар ўзаро музокаралар олиб бормоқда, бунинг натижасида оператор яна ўзбек бозорига қайтиши мумкин, дея хабар беради “Ведомости” ишбилармонлик газетаси.
Жаҳон банки ҳузуридаги халқаро трибуналдаги МТСнинг Ўзбекистонга даъвоси томонларнинг келишувига кўра вақтинчалик тўхтатилган, дейилади трибунал сайтидаги баёнотда. Тортишув фаол босқичга ўтиши керак эди ва МТС Ўзбекистон билан уни номаълум муддатга қолдиришга қарор қилдилар, деди МТСни назорат қилувчи “Система” АТК вакили. Иш ярим йилга “Система” АТКнинг асосий эгаси Владимир Евтушенковнинг ўзбек ҳукумати билан музокаралари сабабли кечиктирилди деди баҳс қатнашчиларидан бирига яқин манба.
Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси вакили Элбек Долимов унга МТС билан операторнинг мамлакатга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги музокаралар тўғрисида ҳеч нима маълум эмаслигини айтган. МТС вакили ҳам изоҳ беришдан бош тортди, деб ёзади “Ведомости”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: