МТС Ўзбекистон билан муроса битимини имзолади

Дата: 11:56, 01-08-2014.

Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – Россиянинг “Мобильные ТелеСистемы” (МТС) компанияси Ўзбекистон билан муроса битимини имзолади. Унга мувофиқ ширкат бутун мамлакат ҳудудида мобил алоқа хизматлари кўрсатишни қайта тиклашни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Имзоланган муроса битими қўшма корхона ташкил этишни кўзда тутиб, унда МТС 50,01% улушга эга бўлади, қолган 49,99% эса Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси ҳузурида ташкил этиладиган унитар корхонага тегишли бўлади. Қўшма корхона МТСнинг собиқ шўъба ширкати – «Ўздунробита» МЧЖ ҚКга тегишли бўлган мол-мулк, қурилма ва инфратузилмалар негизида ташкил этилади”, - дейилади МТС хабарида.

Россия компанияси маълумотларига кўра, томонлар яқин вақт ичида муроса битимида кўзда тутилган барча процедураларни якунлаб, 2014 йил охирига қадар мобил алоқа тармоғини тижорий фойдаланишга топширишни режалаштиришмоқда.

“Муроса битимига мувофиқ, Ўзбекистон ҳукумати операторга 2G/3G/LTE тармоқлари учун лицензиялар, зарурий частота диапазонлари, рақамлар сиғимини тақдим этади, алоқа каналлари ижараси билан таъминлайди, Ўзбекистондаги фаолиятни тўлиқ тиклаш ва мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган барча рухсатномаларни беради. Келишув доирасида МТС ва Ўзбекистон Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини тартибга солиш бўйича халқаро марказга жорий даъволарни тўхтатиш ҳақида қўшма баённома йўллайдилар”,- деб қайд этилади россия компанияси хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: