Муборак ГҚИЗда газ чиқиши натижасида кишилар жабрланди
Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Муборак газни қайта ишлаш заводида (ГҚИЗ) газ чиқиши натижасида кишилар жабрланди: уч киши вафот этди, бир киши касалхонага ётқизилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“20 сентябр куни газдан пропан ва бутан ажратиш қурилмасини ички қисми фильтр-сепараторини таъмирлаш-тозалаш вақтида эҳтиётсизлик оқибатида завод ишчиларидан 4 нафари газдан заҳарланди”, - дейилади Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
ФВВ маълумотига кўра, заҳарланиш натижасида цех бошлиғи ва икки оператор биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай воқеа жойида вафот этишган. Яна бир оператор касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Мазкур воқеанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деб аниқлаштирди вазирлик.
Вафот этганларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Муборак ГҚИЗ – Ўзбекистондаги энг йирик газни қайта ишлаш заводи бўлиб, бу ерда йилига 30 млрд кубометр газ қайта ишланади. Корхона газ конденсати, суюлтирилган газ ва техник олтингугурт ишлаб чиқаради.