Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Ўзбекистон аскарлари тест синовларини топширдилар

Дата: 15:54, 18-01-2017.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Шу кунларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Ўзбекистон аскарлари олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқиш имконини берадиган ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларини қўлга киритиш бўйича учун тест синовлари топширмоқдалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бундан имтиҳонлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ўтказилди.

Самарқанд гарнизонидаги муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар тест синовларини Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабида топширдилар. Тавсияномани олиш учун аскарлар ҳарбий хизматни ўташ жараёнида намунали хулқ, юксак интеллектуал салоҳияти, тест имтиҳонларида етарлича баллга эга бўлиши зарур.

Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга бўлган фуқароларга мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 27% миқдорида қўшимча балл берилади. Тест синовида аскарлар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, мантиқ бўйича ўз билимларини намоён этадилар.

Эслатиб ўтамизки, олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқиш имконини берадиган ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларини қўлга киритиш тартиби президентнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: