Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 6 бараварга ўсди – президент

Дата: 14:19, 09-12-2015.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ - Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 6 бараварга ўсди, деди президент Ислом Каримов Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Дунёдаги саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсди”, - деди давлат раҳбари.

Кейинги 11 йилда, жумладан, жорий 2015 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8%дан юқори бўлиб келмоқда, макроиқтисодий кўрсаткичлар мутаносиблиги, давлат бюджети ва тўлов балансининг барқарор равишда профицит билан бажарилиши, экспорт ва олтин-валюта захираларининг ўсиши таъминланмоқда. Давлатнинг ташқи қарзи эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 18,5% ошмаяпти, деб таъкидлади И.Каримов.

“Жорий йилда иқтисодиётимизга қарийб 16 миллиард доллар қийматидаги инвестиция киритилди ва бу асосий фондлар умумий ҳажмининг салкам 23,3%ни ташкил этади”, - деб қайд этди Ўзбекистон президенти.

Ўтган 5 йил давомида иқтисодиётимизга жами бўлиб қарийб $67 млрд инвестиция йўналтирилди, бунинг 21%дан ортиғи хорижий инвестициялари экани ҳам айтиб ўтилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: