Мутахасислар ОИВ инфекциясини даволашдаги замонавий ёндашувларни муҳокама қиладилар

Дата: 17:46, 24-11-2015.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – 1-2 декабрда Тошкентда “ОИВ инфекциясини ташхислаш, олдини олиш ва даволашга замонавий ёндашувлар” мавзусида ОИТСга қарши курашиш тизимининг 25-йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан хабар қилишларича, тадбирда ОИТСга қарши кураш бўйича 200 нафардан ортиқ илғор хорижлик ва ўзбекистонлик мутахассислар, халқаро консультантлар ва экспертлар иштирок этади.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад ОИВ инфекциясининг келиб чиқиш, ривожланиш ва тарқалиш сабаблари, шунингдек, ОИВ инфекциясини ташхислаш, олдини олиш ва даволашда замонавий усуллар бўйича тажриба алмашиш ҳисобланади.

Конференция якунлари бўйича ОИВ инфекцияси билан касалланишнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва унинг кенг тарқалиб кетишига қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш, ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш самараси ва сифатини ошириш орқали беморлар умрини узайтириш, уларнинг меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш, касалликни бошқаларга юқтириш хавфини камайтириш бўйича янги йўл ва усуллар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: