Наманган вилоятининг Норин туманида уч киши ўлдириб кетилди

Дата: 09:44, 25-02-2015.

Наманган. 25 феврал. ЎзТАГ – Наманган вилоятининг Норин туманида уч киши ўлдириб кетилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ИИВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2015 йил 22 феврал куни Наманган вилоятининг Норин тумани Хўжаобод ҚФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Катта Андижон» канали ёқасидан 53-ёшли маҳаллий аҳолига мансуб аёлнинг, унинг келини ва набирасининг қотиллик аломатлари билан жасадлари топилган. Яна воқеа жойидан марҳуманинг ўғлига тегишли бўлган Nexia автомашинаси ҳам топилган.Ушбу факт юзасидан жиноят иши очилди. Норин тумани ички ходимлари томонидан вилоят ИИБ куч-воситаларининг фаол ёрдами туфайли амалга оширилган тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари натижасида, воқеа содир бўлган куннинг эртасигаёқ жиноятни содир этишда гумон қилинган шахслар ушланди.

Жиноятни қилишда гумонланганлар Норин туманида истиқомат қилувчи тўрт нафар шахс бўлиб чиқди. Улар жабрланувчининг уйига босқинчилик ҳужуми уюштирганликда гумон қилинмоқда.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида гумонланувчиларнинг бири уйидан марҳумага тегишли далилий ашёлари топилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: