Наманганда милиция велопатрули пайдо бўлди
Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Наманганда милиция велопатрули пайдо бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Наманган вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ташаббуси билан патруль-пост хизмати батальонида мамлакатда илк бор велопатруль хизмати йўлга қўйилди. Мазкур патруль айни вақтда Наманган шаҳрида 5 йўналишда куну-тун хизмат олиб бормоқда. Патрулнинг асосий вазифалари жамоат жойларида тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиш, жиноятнинг тезкор равишда олдини олиш, хизмат сифати ва жамоат тартибини сақлаш самарадорлигини тубдан такомиллаштириш, ички ишлар органларида мобилизацияни ривожлантиришдан иборат”, - деб ёзади Daryo.uz нашри.
Манбанинг маълумотларига кўра, велопатруль шаҳарда кўп қаватли уйлар орасидаги тор кўчалар, транспорт воситалари кириши чегараланган ҳудудлар, жумладан, бозор, дам олиш масканлари, боғ ва ҳиёбонларда аҳолига ўз вақтида сифатли ёрдам кўрсатиш имкониятига эга.
Велопатруль хизматидаги ходимлар тўлиқ экипировкаланган бўлиб, махсус воситалар, хизмат сумкаси, биринчи ёрдам кўрсатиш қутиси ва шаҳар харитаси билан таъминланган.
Сурат манбаи: https://nuz.uz/obschestvo/31693-v-namangane-nachal-rabotu-velopatrul-video.html