Наманганда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари машғулот ўтказишади

Дата: 12:33, 05-09-2019.

Тошкент. 5 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари Наманганда машғулотлар ўтказади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, "Марказ–2019" кенг кўламли стратегик қўмондонлик-штаб машқлари 16-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Машғулотларда етти мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингентлари қатнашади.

"Машғулотнинг биринчи босқичида Наманган вилоятида жойлашган “Гурумсарой” полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон мудофаа вазирликларининг ҳарбий хизматчилари Қуролли Кучларнинг миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга тайёрлигини намойиш этиб, Марказий Осиё минтақасида тинчликни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма вазифаларни ҳал қилади ", – дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, беш кун давом этадиган машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қўмондонлик органлари ва бир нечта бўлинмалари ҳамда Тожикистон қуролли кучларининг 200 га яқин аъзолари қатнашади.

“Наманган вилоятининг бир қатор ҳудудларида бўлиб ўтадиган ўқув машғулотларида шартли ҳарбий-сиёсий вазиятни яратиш учун яратилган ҳарбий контингентлар халқаро терроризмга қарши кураш, қўмондонлик ва назорат масалаларида, ҳаво ҳужумларини қайтаришда, разведка қидирувва мудофаа ҳаракатларини олиб боришади”, – дея келтирилади хабарда.

Машғулотларнинг иккинчи босқичида Ўзбекистон ва Тожикистон Қуролли кучлари ҳарбий контингентлари ҳамкорликда Россиянинг Оренбург вилоятидаги “Донгуз” полигонида қўшма ҳаракатларини давом эттирмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари аввалроқ, 2018 йилнинг 18-22 сентябрида Тожикистоннинг "Чоррух-Дайрон" ўқув марказида ва "Нурафшон" полигонида қўшма машқлар ўтказишган эди.

Сурат манбаи: mudofaa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: